Давлат-хусусий шерикликни кенгайтириш борасидаги ишлар кескин танқид қилинди
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 5 август куни энергетика, транспорт, коммунал хўжалик ва тиббиёт соҳаларида давлат-хусусий шерикликни кенгайтириш юзасидан тақдимот билан танишди.
Бюджетга юкни камайтириш ва йирик лойиҳаларга хусусий секторни жалб этиш мақсадида 2018 йили Давлат-хусусий шериклик агентлиги ташкил этилган эди, бу борада алоҳида қонун ва 10 дан ортиқ қарорлар қабул қилинди.
Шунга қарамасдан, ҳозирги кунга қадар энергетика, тиббиёт, коммунал хўжалик соҳаларида ҳаммаси бўлиб бор-йўғи 9 та йирик давлат-хусусий шериклик лойиҳалари имзоланган. Бу кўрсаткич жуда ҳам паст, деди давлатимиз раҳбари.
Электр энергияси ва табиий газни истеъмолчиларга сотишда давлат-хусусий шерикликни жорий этиш топшириғи берилди. Фақат шу орқали ишлаб чиқарувчилар ва сотувчилар ўртасида рақобатни таъминлаб, таннарх ва йўқотишларни камайтириш мумкин.
Президент Шавкат Мирзиёев соғлиқни сақлаш соҳасида 270 миллион долларлик 14 та лойиҳаларни жадаллаштиришни тайинлади.
Икки ой муддатда Қорақалпоғистон, Хоразм ва Тошкентда гемодиализ марказларини ташкил этиш бўйича тендерларни якунлаш вазифаси қўйилди. Ушбу лойиҳалар доирасида йилига 1 100 беморнинг умрини 10 йилга узайтириш имкони яратилади. Гемодиализ харажатлари учун бюджетдан йилига 100 миллиард сўм ажратилади.
Мамлакатимизда ҳар йили 20 мингдан зиёд онкологик бемор рўйхатга олинади. Мутасаддиларга йил якунига қадар 2 та радиотерапия марказини давлат-хусусий шериклик асосида ташкил этиш топшириғи берилди. Шунингдек, йил якунига қадар Нурафшон шаҳрида “қуриш – бошқариш – топшириш” принципи асосида 1 минг ўринли кўп тармоқли клиник шифохона ташкил этиш бўйича лойиҳа ҳужжатлари ишлаб чиқиш юклатилди.
Транспорт ва логистика тармоғи ҳақида гап кетар экан, ушбу соҳада ҳам амалга оширилаётган ишлар умуман қониқарли эмаслиги қайд этилди.
Соҳани ривожлантиришнинг кейинги даврида 27 миллиард доллар талаб этилиши маълум қилинди.
Мисол учун, бугунги кунда Қамчиқ довони орқали Тошкентдан Андижонга бориш учун тирбандликлар сабабли 5-6 соат вақт сарфланади, 22 минг автомобиль ўтади. Бу кўрсаткич келгуси 5 йилда 40 мингга етади. “Тошкент-Андижон” пуллик автомобиль йўли ишга тушган тақдирда масофани босиб ўтиш 3 соатгача қисқаради, транспорт ҳаракати эса 70 фоизгача ошади.
Шу боис давлатимиз раҳбари Қамчиқ довонида янги тоннел қуриш бўйича тендер-лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқиш ва тендер эълон қилиш муҳимлигини кўрсатиб ўтди.
Халқаро экспертларнинг таҳлилига кўра, Ўзбекистондаги мавжуд аэропортларни модернизация қилиш учун ўртача 800 миллион доллар талаб этилади. Шу муносабат билан, Жаҳон банки билан биргаликда Тошкент, Бухоро, Фарғона ва Урганч аэропортларини “пакет принципи” (зарар билан ишлаётган ҳаво портларини фойда келтираётганлари билан шерикликка бериш) асосида шерикликка бериш бўйича техник топшириқлар ишлаб чиқиш вазифаси юклатилди.
Коммунал хўжалик соҳасидаги лойиҳалар ҳам синчиклаб кўриб чиқилди. Тармоқда ислоҳотлар деярли кўринмаётгани, бу борада сусткашликка йўл қўйилаётгани кўрсатиб ўтилди.
Ҳозирги кунда 31 та йирик ва ўрта шаҳарлар, 156 та туман марказларининг канализация тизимини қуриш ҳамда модернизация қилиш вазифаси турибди. Канализация тизими Қаршида 45 фоиз, Андижонда 37, Нукусда 30, Наманганда 10 фоизга таъминланган.
Фақат 18 та йирик ва ўрта шаҳар учун халқаро молия ташкилотларининг 912 миллион доллари жалб қилинган. Ҳисоб-китобга кўра, барча канализация лойиҳалари учун 2 миллиард 600 миллион доллар талаб қилинади. Хусусий шериклар билан биргаликдаги шаҳар канализацияси модернизацияси ҳам бюджетга енгиллик бўлади, ҳам хизмат сифати яхшиланади.
Ундан ташқари, Бухоро, Наманган ва Нукус шаҳарлари иссиқлик таъминотини шерикликка бериш моделлари бўйича таклифлар киритилади.
Бош вазир ўринбосарлари Жамшид Қўчқоров ва Сардор Умурзоқовга ҳар чоракда давлат-хусусий шерикликдаги барча лойиҳаларнинг ижросини муҳокама қилиб, зарур чораларни белгилаб бориш вазифаси юклатилди.
Кескин танқидий руҳда ўтган тақдимот якунида мутасаддиларга муҳокама қилинган ишларни ташкил этиш бўйича аниқ кўрсатмалар берилди.
Давлат-хусусий шериклик билан боғлиқ масалалар Президентимизнинг шахсий назоратида бўлиши қайд этилди.
Ушбу йўналишда олиб борилаётган ишларнинг бориши хусусида яқин кунларда масъуллар давлатимиз раҳбари ҳузурида танқидий-таҳлилий ҳисобот беришлари белгиланди.