Испаниялик саёҳатчи 12 000 км дан ортиқ масофани босиб ўтиб, Самарқандга етиб келди

Испаниялик Валентин Салвадор Веспино мопедида Испаниядан Самарқандгача 12 462 километрлик ажойиб саёҳатни амалга оширди.
Испаниянинг кичик Вал-де-Алмонасит шаҳридан (Валенсия автоном ҳамжамияти) бўлган 67 ёшли испаниялик узоқ йиллик орзусини рўёбга чиқаришга аҳд қилди - машҳур венециялик сайёҳ Марко Поло изидан афсонавий Ипак йўлини босиб ўтишга бел боғлади.
Валентин апрель ойининг охирида "Марко Поло" деб номлаган мопедида саёҳатни бошлади. 7 ҳафта ичида у Франция, Италия, Болқон минтақаси, Греция, Туркия, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон каби 13 та мамлакатни кезиб чиқди.
Йўналишнинг сўнгги манзили Ўзбекистон, аниқроғи Самарқанд бўлди. Бу ерда сайёҳ бир неча кун давомида бой маданий ва тарихий мерос билан яқиндан танишди.
Валентин 37 йил мобайнида Кастелён вилоятининг чекка қишлоқларига китоб етказиб берувчи кўчма кутубхона - библиобусда ишлаган. У ҳикоялар, китоблар ва саёҳатларга бўлган муҳаббатини умри давомида асраб-авайлаб, бу улкан лойиҳада мужассам этди.
Таъкидлаш жоизки, саёҳат давомида Валентин ижтимоий тармоқларда кундалик юритиб, фотосуратлар, видеолар ва шахсий таассуротлари билан ўртоқлашди. Унинг ҳикояси интернет фойдаланувчиларида катта қизиқиш уйғотди ва Испания оммавий ахборот воситаларида ижобий акс-садо берди.
"Бу ҳақиқий саргузашт, унчалик одатий эмас," дея таъкидлади сайёҳ.
Валентиннинг ҳикояси бой маданий-тарихий мерос, ривожланган инфратузилма ва дунёга очиқликни ўзида мужассам этган ноёб йўналиш сифатида юртимизга сайёҳлик қизиқиши тобора ортиб бораётганининг ёрқин далилидир. Самарқанд, Бухоро, Хива ва мамлакатимизнинг бошқа шаҳарлари Буюк Ипак йўли тарихига назар солиш ва замонавий Ўзбекистон маданияти билан танишишга интилаётган хорижий меҳмонларни ўзига жалб этишда давом этмоқда.