ЎЗБЕКИСТОННИНГ ЯНГИ ТАҲРИРИДАГИ КОНСТИТУЦИЯСИ БОЛАНИНГ ЭНГ ЯХШИ МАНФААТЛАРИГА ХИЗМАТ ҚИЛАДИ
Бугун юртимиз аҳолисининг 35%, яъни қарийб 12,1 млн нафарини болалар ташкил этмоқда. Шуни инобатга олиб, давлат сиёсатининг устувор йўналишлардан бири бу – болалар ҳуқуқлари ва манфатларини таъминлашдир.
Сўнги йилларда Ўзбекистон болалар манфаатларига қаратилган давлат сиёсатини амалга оширар экан, “ҳеч бир бола эътибордан четда қолмайди” тамойилига амал қилмоқда. Мамлакат ўзининг халқаро мажбуриятларига, жумладан, БМТнинг Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциясига мувофиқ қабул қилинган мажбуриятларга содиқдир. Мазкур сиёсатни такомиллаштиришда БМТ конвенциявий органлари, ЮНИСЕФ ва халқаро экспертларнинг тавсияларига катта эътибор қаратилмоқда.
2020 йилда қабул қилинган Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг миллий стратегиясида болалар ҳимоясига бағишланган устувор йўналишлар кўрсатилиб, унда болалар манфаатларини биринчи навбатда таъминлаш принципини қонунчилик ва амалиётга янада самарали жорий этиш ҳамда болаларга нисбатан алоҳида муносабатни назарда тутадиган одил судлов институтларини жорий этиш вазифалари белгиланган.
Мазкур йўналишда эришилган энг ёрқин ютуқлар қаторига, масалан, “бола меҳнати” деган салбий амалиётга чек қўйилганлигини, болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи алоҳида Болалар омбудсман институти ташкил этилганлигини, 530 нафар аёллар ва болалар «қайноқ нуқта»лардан ўз она юртига қайтарилганини (ўтказилган бешта «Меҳр» операциялари доирасида Сурия, Ироқ ва Афғонистонда оғир аҳволга тушиб, чорасиз қолган 530 аёллар ва болалар Ўзбекистонга олиб келинди, уларниг жамиятга мослашиш учун зарур чоралар кщрилди) айтиб этиш мумкин.
Бундан ташқари, биргина таълим тизимини оладиган бўлсак, унда аниқ ижобий ўзгаришларни кўришимиз мумкин. Масалан, агар 2016 йилда 9,7 мингта умумтаълим мактаби ва 77 та олий ўқув юрти мавжуд бўлган бўлса, бугунги кунда уларнинг сони тегишлигича 10,3 мингта мактаб ва 200 дан ортиқ олий ўқув юртига етди. Яқин ўтмишда болаларни мактабгача таълим билан қамраб олиш кўрсаткичи 27% ташкил этган. Ислоҳотлар натижасида боғчаларда таълим ва тарбия оладиган болалар сони 600 мингдан 2 млнга етказилди, қамров кўлами 70%дан ошди. Шунингдек, мамлакатимизда инклюзив таълимни таъминлашнинг ташкилий-ҳуқуқий механизмлари такомиллаштирилмоқда.
Таъкидлаш жоизки, болалар манфаатларини таъминлаш соҳасида эришилаётган ютуқлар билан бир қаторда, муаммолар ҳам мавжуд. Уларни ҳал этиш учун бошланган ислоҳотларнинг узвийлигини давом эттириш ва тизимли ёндашувни кучайтиришни тақозо этади.
Шу ўринда таъкидлаш жоизки, конституциявий ислоҳотлар доирасида мамлакатимиз Aсосий қонунига боланинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш кафолатларини кучайтиришга қаратилган янги илғор нормалар киритилмоқда. Хусусан, янги таҳридаги Конституция лойиҳасида “боланинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш ҳамда ҳимоя қилиш, унинг жисмоний, ақлий ва маданий жиҳатдан тўлақонли ривожланиши учун энг яхши шарт-шароитларни яратиш давлатнинг мажбуриятидир”, деб алоҳида белгиланмоқда.
Ушбу конституциявий норма фуқароларимизнинг таклифлари асосида, миллий ва халқаро тажриба ва экспертларнинг фикрларини, шунингдек, БМТнинг Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияда акс эттирилган халқаро стандарт – “боланинг энг яхши манфаатлари” принципини ҳисобга олган ҳолда киритилган.
Aлоҳида таъкидлаш мумкинки, ушбу нормани, хусусан, “энг яхши шарт-шароитлар” сўзларини қўллаш орқали давлат “боланинг энг яхши манфаатлари” принципига асосланган чораларини кўриш учун улкан масъулиятни ўз зиммасига олмоқда.
Ушбу конституциявий ўзгаришлар:
биринчидан, Ўзбекистоннинг болалар ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш соҳасидаги сиёсатининг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлайди, болаларнинг ҳар томонлама ривожланиши учун институционал шароитларни такомиллаштиради;
иккинчидан, болаларга тааллуқли қонунчилик, суд ва маъмурий қарорлар қабул қилишда боланинг энг яхши манфаатларини таъминлашга биринчи ўринда эътибор қаратишни талаб этувчи ёндашувни илгари суради;
учинчидан, давлат органлари ва жамиятнинг болалар ҳуқуқларини тушуниш ва ҳурмат қилиш борасидаги масъулиятини оширишга, шунингдек, бола ҳуқуқларига ҳурмат маданиятини юксалтиришга хизмат қилади.
Умуман олганда, янги конституциявий норма Ўзбекистонда ҳар бир боланинг ҳар томонлама ривожланиши ва фаровонлигини таъминлаш учун муҳим ҳуқуқий асосдир.
Дониёр Тўраев,
Олий Мажлис ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент
тадқиқотлари институти директори ўринбосари