Дарахтлар муҳофазаси кучайтирилади, экология полицияси ташкил этилади
Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 24 август куни экологик ҳолатни яхшилаш, дарахтлар муҳофазасини самарали ташкил этиш ва яшил ҳудудларни кенгайтириш чора-тадбирлари юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди.
Бутун дунёда бўлгани каби мамлакатимизда ҳам экологик муаммолар кўпаймоқда. Бунга баъзан табиий омиллар, кўп ҳолларда эса инсоннинг ўзи сабабчи бўлмоқда.
Масалан, сўнгги 4 йилда саноат корхоналари 2 бараварга ортиб, шаҳарларда чанг-газ миқдори меъёрдан 4 баравар ошган. Юртимиз ҳудудларида яшил майдонлар 3-4 бараварга қисқариб кетган. Сув камайиб, ер ости суви сатҳи ҳам пасайган.
Кўп қаватли уйлар оралиғидаги бўш жойларда қурилишлар қилиш, мораторий эълон қилинганига қарамасдан, дарахтларни кесиш, яшил ҳудудларни камайтириш ҳолатлари кўпчиликни ранжитмоқда.
Бу борада Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ҳамда маҳаллий ҳокимликларда жонкуярлик етишмаяпти, амалий ишлар кўринмаяпти.
Шу боис йиғилишда соҳадаги муаммолар танқидий муҳокама қилинди. Жойларда ишларни тизимли ташкил эта олмагани учун Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раиси Алишер Мақсудов лавозимидан озод этилди.
Экологик ҳолатни яхшилаш, яшил ҳудудларни кенгайтириш бўйича муҳим вазифалар белгиланди.
Бу йил куз ойларида автомобиль йўллари, дала четлари, барча аҳоли масканларида 55 миллион дона, келгуси йил баҳор мавсумида 70 миллион дона тут, павловния, чинор, эман, ёнғоқ, жийда, терак каби мевали ва манзарали дарахтлар экиш вазифаси қўйилди.
Дарахтларни парваришлаш учун ҳар бир маҳаллага биттадан, туман ва шаҳар ободонлаштириш бўлимларига камида 5 нафардан ишчи бириктириш зарурлиги таъкидланди.
Ҳокимларга шаҳарлар ва туманлар марказларидаги 4 минг 500 километр ички ирригация тармоқларини тиклаш бўйича топшириқ берилди.
Экологияни яхшилаш, яшил ҳудудларни кенгайтиришда кўчатчилик жуда муҳим. Мисол учун, Андижон, Пахтабод ва Марҳамат туманларида павловния етиштирувчи хўжаликлар ташкил этилган. Ёки, Ургут туманининг Хўжаидук ва Омонқўтон қишлоқларида ҳар бир хонадонда 2 минг тупдан манзарали дарахт кўчатлари етиштирилмоқда.
Шу каби омилкорларни қўллаб-қувватлаш, аҳолини сифатли кўчатлар билан таъминлаш мақсадида ҳар бир ҳудудда “Яшил замин” жамғармалари ташкил этилиши белгиланди.
Мутасаддиларга кўчатчиликка ихтисослашган хўжаликлар учун танлов асосида ер ажратиш, “Яшил замин” жамғармаси ҳисобидан аҳолига мевали ва манзарали дарахт кўчатларини бепул тарқатиш бўйича кўрсатма берилди.
Шаҳарларда яшил ҳудуд ва жамоат парклари ташкил қилиш масаласига алоҳида эътибор қаратилди.
Масалан, Қарши шаҳридаги 27 гектар майдонга эга Алишер Навоий номидаги истироҳат боғининг 11 гектари аттракционлардан тозаланиб, сокин ҳудудга айлантирилган. Китобхонлик бурчаклари, пиёда ва велосипед йўлаклари ташкил этилган.
Лекин, юртимиздаги 300 га яқин истироҳат боғлари турли вазирлик ва идораларга қарашли бўлиб, уларнинг аксарияти қаровсиз.
Шу боис мутасаддиларга барча истироҳат боғларидаги дарахтларни тўлиқ хатловдан ўтказиб, жамоат паркларини кўпайтириш бўйича топшириқ берилди. Таъкидланганидек, истироҳат боғларининг 70 фоизи яшил ҳудуд бўлиши керак ва уларда бино-иншоотлар қурилишига йўл қўйилмайди.
Тошкент шаҳрининг ҳар бир туманида биттадан сайилгоҳ, кўп қаватли уйлар жойлашган маҳаллаларнинг ҳар бирида яшил ҳудудлар ташкил қилиш зарурлиги қайд этилди. Шунингдек, 60 километр каналлар бўйи, 250 километр пиёдалар йўлаклари атрофига манзарали дарахтлар экиш керак.
Тошкент шаҳар ҳокимига шу борада қатор топшириқлар берилди.
Маълумки, Президент фармони билан тасдиқланган 2030 йилгача бўлган даврда Ўзбекистон Республикасининг Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш концепциясига кўра, дарахтлар ва буталарнинг қимматбаҳо навлари кесилишига мораторий жорий қилинган эди. Ушбу чора муддати 2020 йил 31 декабргача бўлиб, у орқали 316 минг туп дарахт асраб қолинди.
Лекин шунга қарамасдан, 5 мингга яқин дарахтлар ноқонуний кесилган.
Шу боис давлатимиз раҳбари бу борадаги чораларни кучайтириш бўйича кўрсатмалар берди. Хусусан, дарахтларни кесишга мораторий 2024 йилга қадар узайтирилади ва жавобгарлик кескин кучайтирилади. Яшил ҳудуд ва жамоат паркларидаги дарахтларни кесиш қатъиян тақиқланади.
Тошкент шаҳри ва вилоятлар марказида экология полицияси ташкил этилади. Унинг зиммасига экология соҳасидаги қонунбузарликлар, жумладан, дарахтларни рухсатсиз кесиш, чиқиндиларни ножоиз жойга ташлаш, браконьерлик каби ҳолатларга қарши курашиш вазифалари юклатилади.
Шу билан бирга, экология соҳасида қўлланиладиган жарималар миқдори 5 баравар, етказилган зарар учун компенсация миқдори 2 баравар оширилади.
Чиқиндиларни йиғиш ва қайта ишлаш масаласига ҳам тўхталиб ўтилди. Бу борада давлат-хусусий шериклик йўлга қўйилган жойларда тартиб яхшиланган.
Хусусан, Наманган шаҳри, Тўрақўрғон, Мингбулоқ ва Наманган туманларида маҳаллаларни санитар тозалаш хизматлари билан қамраб олиш даражаси 92 фоизга етиб, тушумлар 2 бараварга ошган.
Фарғонада 7 миллиард сўмлик инвестиция жалб қилиниб, илк бор чиқиндиларни саралаш заводи ишга туширилган.
Бу тажрибани бошқа ҳудудларда ҳам кенгайтириш, хусусий шериклик асосида янги лойиҳаларни амалга ошириш муҳимлиги таъкидланди.
Илм ва инновациялар ҳар бир соҳада зарур. Лекин бугунги кунда Экология қўмитаси тизимидаги 2 мингдан ортиқ ходимларнинг атиги 10 фоизи мутахассис ҳисобланади.
Шу боис, қўмита ҳузуридаги илмий-тадқиқот институти фаолиятини такомиллаштириш, олимлар ва кадрлар тайёрлашни ривожлантириш бўйича кўрсатмалар берилди.
Бунинг учун мазкур илмий-тадқиқот институти замонавий техника ва лаборатория ускуналари билан жиҳозланади. Докторантурага квоталар 2 баравар оширилади. Институтда экология ва атроф-муҳит муҳофазаси бўйича илмий даражаларни берувчи Илмий кенгаш ташкил этилади.
Йиғилишда муҳокама қилинган масалалар юзасидан мутасаддилар ахборот берди.